• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

ITB Berlin –сайёҳлик имкониятлари намойиши ўз ишини бошлади

10.03.2018

Германия пойтахтида 52-Халқаро сайёҳлик ярмаркаси ITB Berlin 2018 очилди. Ҳар йили энг йирик кўргазма комплекси Messe Berlinда ўтказиладиган ушбу намойиш, халқаро сайёҳлик индустриясининг кўзгуси бўлиш билан биргаликда, бутун дунёни қамраб олган сайёҳлик соҳасидаги асосий форумдир.

Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, ҳеч қайси сайёҳлик кўргазмаси ITB Berlin каби халқаро майдонда сўҳа тенденцияларини кўрсатмайди. Бу ерда сайёҳлик маҳсулоти яратишнинг асосий йўналишлари ва бўғинлари намойиш этилади.

ITBда мазкур индустрия кенг қамровда намойиши этилди. Халқаро сайёҳлик федерациялари, миллий ва минтақавий ихтисослашган ташкилотлар, транспорт агентликлари ва туроператорлар, суғурта компаниялари ва бошқалар шулар жумласидандир. Шу маънода, бу йил форумда 185 та мамлакатдан 10000 га яқин экспонентлар ва 850 та йирик компаниялар иштирок этмоқда. Шунингдек, кўргазмага 50000 дан ортиқ ташриф буюрувчи ва дунёнинг турли бурчакларидан 115000 га яқин мутахассисларнинг келишлари кутилмоқда.

Бундан ташқари, кўргазма доирасида турли семинарлар, симфозиумлар, экспертлар билан учрашувлар, давра суҳбати, матбуот учун брифинг ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Ўз навбатида, кўргазмага ташриф буюрганлар сафар ва дам олиш билан боғлиқ ўзларининг турли-туман бизнесларини намойиш этадилар.

Ҳамкорликни кенгайтириш, янги бизнес муносабатларини яратиш ва Ўзбекистонни сайёҳлик учун қулай давлат сифатида нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, шунингдек етакчи туроператорлар ушбу йирик сайёҳлик кўргазмасида миллий экспозицияни шакллантирдилар.

Бу ерда мамлакатимиз ўзининг анъанавий жиҳатларини, ўзига хос имкониятлари, бошқалардан фарқ қиладиган бой тарихий ва маданий мероси, турфа хил табиий ландшафтлари, шунингдек, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий инфраструктурасини намойиш этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон туризм йўналишида европалик сайёҳлар учун анча танилиб бормоқда. Ушбу соҳани ривожлантириш борасида мамлакатда қабул қилинган чоралар эса республикага сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилмоқда.

Таъкидлаб ўтамиз, ITВ Berlin кўргазмаси 11 мартга қадар давом этади. “Жаҳон” АА Ўзбекистон делегациясининг ушбу тадбирдаги иштироки бўйича хабардор қилиб боради.

«Жаҳон» АА
Берлин