• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Гeрманияда ватандошлар жамияти ташкил этилади

02.04.2019

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Мюнхен шаҳрида ватандошлар форумини ўтказди.

Унда Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган уч юз нафардан зиёд ватандошларимиз, Мюнхен шаҳрида туризм соҳасида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад – Германияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан мулоқот қилиш, улар билан Ўзбекистонни янада ривожлантириш, кенгроқ танитиш ҳамда мамлакатнинг туризм салоҳиятини фаол тарғиб қилиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси хорижда истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси фарзандларига халқимиз тарихи, урф-одатлари, миллий қадриятларини, жумладан, ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўргатиш мақсадида бир қатор ўзбек болалари адабиёти китоблари ҳадя этди.
Форум доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тақдимот ўтказилди, шунингдек, ўзбек миллий таомлари, жумладан палов тайёрланиб, тадбир иштирокчиларга улашилди.

Ўзбек тили ва миллий рақс тўгаракларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Ташриф давомида Мюнхен шаҳрида тиббиёт туризми билан шуғулланувчи компаниялар вакиллари билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида икки томонлама ҳамкорлик қилиш, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

Форумда Германияда ўзбекистонлик ватандошлар жамиятини ташкил этиш таклифи энг қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хорижда бу каби жамиятларнинг тузилиши, маҳаллий аҳолига Ўзбекистон ҳақида кўплаб маълумотларни тақдим этиш ва сайёҳларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.

Яқинда бу давлатда ватандошлар жамияти фаолият бошласа, ажаб эмас.

УзА