Наврўзи олам шукуҳи

Ein heiteres Konzertprogramm mit der Musikgruppe „Mumtoz navo“

05.04.2018

Байрам тадбирида “Мумтоз наво” ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари томонидан тақдим этилган миллий куй-қўшиқлар, шеърхонлик ҳамда кўнгилочар мусобақалар тадбирга алоҳида мазмун ва шукуҳ бағишлади.

Маданий кечанинг айрим иштирокчилари Наврўз айёми муносабати билан кўпмиллатли Ўзбекистон халқига ўзларининг дил сўзларини изҳор этдилар.

Аброр Абдуҳолиқов, Берлин Техника университетининг иқтисод ва менеджмент факультети талабаси:

– Мен Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан келганман. Узоқ йиллардан буён Берлинда яшайман. Бу ерда жуда кўп ватандошларимиз яшаб, меҳнат қилишади. Биз элчихонамизда ташкил этиладиган турли тадбирларда доим фаол қатнашамиз.

Наврўз байрами ҳам ана шундай ҳамжиҳатликда, ўзбекона руҳда, ажойиб муҳитда нишонланди. Бугун Германиядаги ўзбекистонлик ёшларга миллий мусиқамиз, миллий таомларимиз билан баҳор байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлаш имконияти яратилганидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ёшларга кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрликлар чет элларда яшаётган ва таҳсил олаётган биз сингари ўзбек ёшларини беҳад қувонтирмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этишга, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшишга биз ҳам бел боғлаганмиз. Шу мақсадда Германиядаги ўзбек ёшлари ўзаро ҳамжиҳатликда янги инновация ғоялари устида ишлаяпмиз. Бу яқин келажакда ўз самарасини беришига ишончим комил. Барча ўзбекистонликларни Навруз айёми билан қутлайман.

Исмоилова Озода, Зулфия мукофоти соҳибаси, Урганч Давлат университети қошидаги 2-академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси:

– Ҳурматли Президентимиз ўтган йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Ёшлар иттифоқининг бир гуруҳ фаоллари билан учрашган эдилар. Ана шу учрашувда ўз таклифимни билдириш имконига эга бўлдим ва шахсан Президентимизнинг тавсиялари билан Германия Федератив Республикасида уч ой давомида немис тили бўйича кўникмаларимни бойитиш учун келганман.

Бугун Наврўз байрамини мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Германиянинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари даврасида кенг нишонлаяпмиз. Байрам юқори савияда ташкил этилган, ҳамма кўтаринки кайфиятда. Мен ҳам барча ватандошларимиз каби ўз билим ва кўникмаларим билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман. Наврўз айёми барчамизга муборак бўлсин!

Равшан Хўжанов, Дрезден Техника университети аспиранти:

– Чет элда ўқишдан асосий мақсадимиз илм олиш ва мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.

Дунёнинг кўп нуқталарида нотинчлик ва низо-тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда юртимиз тинч ва осойишталигидан хурсандмиз. Афсуски, чет элда турли хил оқимларга қўшилиб, онги заҳарланиб қолаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Биз бундай нохуш ҳолатлардан ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Яъни, Германияга ўқиш ва ишлаш учун келаётган ватандошларимизни ўзимиз қўллашимиз, миллатимиз шаънига доғ туширмасликлари учун уларга зарур йўл-йўриқ ва масаҳатларни беришимиз лозим, деб ўйлайман. Касални даволашдан кўра, унинг олдини олган афзалроқдир. Бугунги тадбир давомида ҳам бу йўналишда барчамиз биргаликда иш олиб боришга ва бир-биримизга кўмаклашишга келишиб олдик.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимни Наврўзи олам билан чин дилимдан табриклайман!

АА “Жахон”,

Берлин