• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

“Ёш ватандошлар фестивали” – бирдамлик ва ҳамкорликдаги имкониятлар намойиши

09.04.2018

10-16 апрель кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида “Ёш ватандошлар фестивали” бўлиб ўтади.

Фестиваль хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларни ўзига хос муҳитда бирлаштириб, уларни Ватан равнақи йўлида янги ижодий изланишлар сари руҳлантиришга хизмат қилади.

ЎзА мухбири хориждаги ватандош ёшларнинг ушбу фестиваль ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида интернет орқали уларнинг айримлари билан боғланди:

Муниса Нурматова, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Хитой Халқ Республикасидаги вакили:

– Шу йил 12 мартда Пекин шаҳрида мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат жараёнида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Хитой Халқ Республикасидаги амалга ошириладиган ишлари режаси муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Хитойда 5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таълим олмоқда ва меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда. Уларнинг имкониятларини бирлаштириш, илмий изланиш ва соҳадаги янгиликлар ҳақида маълумот алмашиш, етарли шароит яратиб бериш мақсадида Чин ўлкасининг 10 та провинциясида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини ташкил этишга киришилди. Ҳозирги кунга келиб, ассоциация ишини ташкил этишда ёшларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари ўрганилмоқда. Ташкилот ишида очиқлик ва шаффофлик таъминланаётгани ёшларнинг унга ишончини ошираётир. Буни Ўзбекистонда ўтадиган “Ёш ватандошлар фестивали”да иштирок этиш истагида бўлган иқтидор эгалари кўпчиликни ташкил этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур форумда ташкилотимизнинг Хитойдаги кўплаб етакчилари қатнашиши кутилмоқда. Ушбу фестивалдан катта мақсадлар ва янги ғоялар кутиб қоламиз.

Равшанбек Отамуродов, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Россия Федерациясидаги вакили:

– Мазкур форум дунёнинг кўплаб минтақаларида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон ёшларининг илмий-маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради. Айтиш жоиз, ёшлар бугун давлат ва жамият ҳаётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Россия Федерациясидаги вакили сифатида ушбу фестивалга катта ҳозирлик кўрдик. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумига мувофиқ бўлажак тадбирга Россиянинг деярли барча ҳудудидан ёшларнинг иштирок этишини режалаштирмоқдамиз.

Комила Зокирова, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Америка Қўшма Штатларидаги вакили:

– Ташкилотимиз ўз фаолиятини бошлагандан буён ижтимоий тармоқлар орқали аъзо бўлишни истаб мурожаат қилаётган ватандошларимиз сони ортиб бормоқда. Бу жараёнда қулайлик яратиш мақсадида аъзоликнинг расмий веб сайт тизими яратилмоқда. Унда ўзбек тили ва адабиёти, миллий ўзлик ва маданиятимизга оид турли лойиҳалар йўлга қўйилади. Талаб ва таклифлар асосида қатор йўналишларда тўгараклар ташкил қилинади. “Ёш ватандошлар фестивали” доирасида Ўзбекистондаги ёш мутахассислар учун Америкада тажриба алмашинувни йўлга қўйиш, АҚШда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш истагидамиз. Ташрифимиз таассуротларга бой бўлади, деб ўйлайман.