• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Юзлаб хорижликларни жалб қилиш самараси

Юзлаб хорижликларни жалб қилиш самараси

03.04.2018

Мамлакатимизга туризм, хусусан, зиёрат туризми учун ташриф буюраётган сайёҳлар сони кўпайгани сари меҳмонхона хизматига эҳтиёж ортмоқда.

Меҳмондўст ўзбек халқи сайёҳларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, меҳмонхона тармоғини такомиллаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сурхондарё вилояти ўзининг мафтункор табиати, сўлим гўшалари, муқаддас зиёратгоҳлари ва бебаҳо урф-одатлари билан дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотади. Шунда илҳом келади:

Юксак чўққиларнинг майин бағрида,
Меҳмонларни кутиб, яшайди Сурхон...

Бугун Сурхонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Бу албатта юртимизда туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этиш ҳамда меҳмонхона хўжалиги, сайёҳларга хизмат кўрсатиш тартибини янада такомиллаштиришга замин яратади.

Сурхондарёлик Ойдин опа Шарафутдинова туризм ва тадбиркорлик ривожига ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлардан. Вилоят маркази – Термиз шаҳридаги "ASSON" меҳмонхонаси қулай шароити, лаззатли таомлари ва юксак маданиятли ходимлари билан тортимли гўшага айланган.

– Мустақилликка эришганимиздан сўнг тадбиркорларга кенг йўл очилди, – дейди меҳмонхона бошқаруви раиси Ойдин Шарафутдинова. – Турмуш ўртоғим билан вилоятда биринчилар қаторида ҳусусий фирма очганмиз. Мустақиллик билан биргаликда қадамба-қадам ўсдик. Мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, бизнесимиз яхши ривожланмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан хурсандмиз.

Юз ўринга мўлжалланган "ASSON" меҳмонхонасида 30 дан ортиқ ишчи фаолият юритади. Меҳмонхона қошидаги миллий ва европа таомлари ошхонасининг ўзида 16 ходим ишлайди. Сурхондарё чегара ҳудуд бўлгани учун афғонистон, тожикистонлик сайёҳлар кўп меҳмон бўлишади. Меҳмонхонада маҳаллий ва чет эл фуқаролари талаби эътиборга олинган ҳолда шароитлар яратилган. Хусусан, рақамли телевидение, интернет, бассейн, анжуманлар зали, ресторан мижозлар хизматида. Бир сўз билан айтганда, бу ерда ўзбек халқ мақоли – “Меҳмон отангдай улуғ” мақолига амал қилинади.

Сурхондарёга ташриф буюрган сайёҳлар Ҳаким ат-Термизий, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, Султон Саодат, Сўфи Оллоёр каби тарихий қадамжоларни зиёрат қилишади. Фаёзтепадаги буддизм ибодатхоналарини кўришади. Демак, бу ерда зиёрат туризми ривожланмоқда. Шундай пайтда улар албатда меҳмонхонага қайтгач қибла қаердалигини сўрашади, намоз ўқишади. Меҳмонхонада намоз ўқийдиган бурчак, қиблани кўрсатадиган кўрсаткич ва муқаддас Қуръон китобининг бўлиши айни муддао.

– Мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган имкониятлар таҳсинга лойиқ, – деди О.Шарафутдинова. – Бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, яхши натижаларга эришаётган аёлларимиз жуда кўп. Юксак муваффақиятга эришмоқчи бўлган аёллар биринчи галда оилада тутумли бўлиши, жамиятимизга тарбияли, яхши фарзандларни етказиб бериши керак.