• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Шимолий Рейн-Вестфалияда ватандошлар билан учрашув

04.04.2018

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган эътибюорга сазовор ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистоннинг дипломатия миссияси томонидан Кёльн шаҳрида Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида истиқомат қиладиган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди.

Маълумот тариқасида шуни қайд этиш жоизки, Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ери Германиянинг энг тараққий топган ва аҳолисининг сони жиҳатидан йирик субъектларидан бири ҳисобланади. Бу ўлкада Бонн университети, Дортмунт техника университети, Х.Хайн номидаги Дюссельдорф унивеститети каби дунёга машҳур олий таълим муассасалари, турли йирик компания ва фирмаларнинг қароргоҳлари, қатор ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган. Ушбу федерал ўлкада 100 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олишади.

Тадбир ташкилотчилари учрашувнинг барча иштирокчиларини баҳор айёми – Наврўз байрами билан табриклашди. Сўнгра мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда кўзланган мақсадлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини янада эркинлаштириш, юртимизга хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш ва ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари, жумладан, қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича республикамиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар, хусусан, консуллик-ҳуқуқий ва ижтимоий-маданий соҳаларга оид саволларига батафсил жавоб олдилар.

Учрашув бир пиёла чой устидаги ўзбекона суҳбат ҳамда Ўзбекистондан келган “Мумтоз наво” мусиқа гуруҳи иштирокидаги концерт дастурининг намойиши билан ниҳоясига етди.

- Ватандошларимиз билан учрашув жуда мазмунли ўтди, - дейди Леверкузен шаҳридаги “Ёшлар маркази” етакчи мутахассиси Шаҳло Халилова. - Тадбир чоғида барча бир-бирини Наврўз байрами билан чин дилдан қутлагани сира ёдимиздан чиқмайди. Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказиб турилиши хорижда яшаётган биз ўзбекларни ўзаро жипслаштиришга хизмат қилади, Ватанимизга бўлган меҳримизни янада кучайтиради, ўзбекона маданиятимизни сақлаб қолишга, уни немис ва бошқа чет эллик дўстларимиз орасида оммалаштиришга кўмаклашади, деб ўйлайман.

“Жаҳон” АА,

Франкфурт-Майн