• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Солиқ соҳаси тубдан ислоҳ этилади

Солиқ соҳаси тубдан ислоҳ этилади

29.03.2018

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепция лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Унда экспертлар, тадбиркорлар, халқаро молиявий институтлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Бугун солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бу борада илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқ айтиш керак, тадбиркорлик субъектларига нисбатан сақланиб қолаётган юқори даражадаги солиқ юки, солиқлар турининг кўплиги, уларнинг маъмуриятчилик жараёни мураккаблиги иқтисодиётимиз равнақига тўсқинлик қилмоқда. 2018-2020 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳоти концепцияси лойиҳасида ана шу ғоят долзарб масалаларга муҳим эътибор қаратилган.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова, молия вазири ўринбосари Вячеслав Пак, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Мусаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 февралдаги “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур концепция бир қатор муҳим ўзгаришларни қамраб олгани ҳақида гапирди.

– Солиқ концепциясини ишлаб чиқишдан асосий мақсад Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорларни, кенг аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, уларга солиқ маъмуриятчилигида имкониятлар яратишдир, – дейди Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Мусаев. – Бунда асосий эътибор иш берувчи томонидан тўланадиган турли солиқ юкини енгиллаштиришга қаратилган. Улардан бири қўшимча қиймат солиғини камайтириш. Бугунги кунда деярли барча мамлакатларда қўшимча қиймат солиғи 20 фоиз этиб белгиланган. Солиқ концепцияси лойиҳасида эса бу миқдор Ўзбекистонда 12 фоизга туширилиши белгиланмоқда. Асосий мақсад тадбиркорликни ривожлантиришга кенг йўл очиб беришдир.

Бугун Ўзбекистонда 19 солиқ тури мавжуд. Эндиликда солиқлар юкини камайтириш, уларни соддалаштириш режалаштирилмоқда.

– Бу концепция тадбиркорларга ҳақиқий ёрдам бўлмоқда. Аввало, қўшимча қиймат солиғи ставкаси пасайтирилиши ва юридик шахсларнинг деярли барчаси шу солиқ тўловига ўтиши аҳамиятлидир, – дейди тадбиркор Зафар Ҳошимов. – Қўшимча қиймат солиғи жуда фойдали солиқ. Бу қиймат туғдириш занжири узлуксизлигини таъминлайди, пировардида, умумий солиқ миқдорини қисқартиради. Ҳозирги кунда республикамизда мавжуд юридик шахсларнинг фақатгина 3 фоизи қўшимча қиймат солиғи тўлайдиган тадбиркорлар ҳисобланади. Қолган 97 фоиз ишбилармон доира вакиллари ягона солиқ тизимига ўтиб кетганди. Агар бунга иқтисодий нуқтаи назардан қарасак, ялпи ички маҳсулотининг ҳам қисқарган ҳолда кўрсатилишига ва солиқ тўланадиган базанинг камайишига олиб келади. Қолаверса, кўпгина йирик бизнесменлар қўшимча қиймат солиғини тўлашдан қочиб, ташкилотини 3-4 юридик қисмга бўлиб юборган эди. Концепцияда ана шу каби омилларга жиддий эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари солиқ тўлашида катта тафовут юзага келган. Бугунги кунда кичик бизнес субъектларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 50 фоиздан ошади. Бироқ уларнинг солиқлар тушумидаги улуши 7 фоиздан сал кўпроқдир. Ўз навбатида, мамлакатда ишга яроқли аҳоли сони 13 миллиондан ортиқ. Давлат солиқ органлари ҳисобига кўра, улардан 5,7 миллион нафари расман ишлайди. Яъни даромад солиғи тўлайди.

Тадбирда бу ҳолатга алоҳида изоҳ берилди.

Ҳозир иш берувчи ўз ходимига, айтайлик, 1 миллион сўм ойлик берадиган бўлса, барча солиқлар қўшиб ҳисобланганда, жами 55 фоизгача солиқ тўлашига тўғри келади. Табиийки, бу тадбиркорга оғирлик қилади. Шу сабаб, эндиликда буни 25 фоизгача тушириш мўлжалланаяпти. Бу, албатта, тадбиркорларга енгиллик яратади.

Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси таҳлили барча тадбиркорлар учун умумий солиқ юкини камайтиришга хизмат қилади.