• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Ветеринария соҳаси ривожланмоқда

Миллий матбуот маркази

29.03.2018

Миллий матбуот марказида мамлакатимизда ветеринария соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва галдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги «Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳа фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратди.

Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилгандан буён ўтган даврда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 20 га яқин ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари янгидан ишлаб чиқилди. 30 дан ортиқ турли касалликларга қарши курашиш бўйича йўриқномаларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди. Дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қадоқлаш, ёрлиқлаш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва уларнинг йўқотилишида хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар белгиланди.

Соҳада халқаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Халқаро эпизоотик бюро ўртасида ветеринария соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, АҚШнинг “Биология соҳасидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Бухоро ва Хоразм вилоятларида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳудудий диагностика лабораториялари ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Жойларда эпизоотик мониторинг ишлари самарасини янада оширишда ҳудудий ветеринария бошқармаларининг 6 та эпизоотик кўмак берувчи пункти ташкил этилиб, жиҳозлар ва автотранспорт воситалари билан таъминланди.

– Аҳолига ветеринария сервис хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини янада ошириш борасида аҳоли тарқоқ жойлашган ҳудудлардаги ветеринария учкасткаларига 190 та мототранспорт, 220 та велосипед, 500 та пуркагич, 400 та термосумкалар, 240 та дюьар идишлари етказиб берилди, – дейди Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров. – Шунингдек, ветеринария-санитария экспертиза ҳамда ветеринария лабораториялари замонавий таҳлил усулларида ташхисловчи лаборатория ускуналари билан таъминланди. Бу ташхис қўйишга кетадиган вақтни қисқартириб, тезкорликни оширмоқда.

Матбуот анжуманида ҳайвонлар ва чорва молларида олиб борилган турли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида 29 миллион бош чорва моли 8 турдаги ва 65 миллион бош парранда 4 турдаги касалликка қарши профилактик эмланган.

Мамлакатимизга кириб келган ҳамда транзит орқали ўтаётган 55 мингдан ортиқ автомашина ва 2,8 мингга яқин темир йўл вагони дезинфекция ишловидан ўтказилиб, зарарсизлантирилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида лаборатория текширувлари натижасида истеъмолга яроқсиз деб топилган 122 тонна гўшт, 147 тонна сут маҳсулотлари ва 2 миллион 200 минг донадан ортиқ тухум ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилди.