• Deutsch
  • English
  • Русский
  • o'zbek

Ўзбекистон компаниялари “Продэкспо — 2018” халқаро ярмаркасида 4 млн. АҚШ долларлик шартномалар имзолашни мўлжаллашмоқда

06.02.2018

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, куни кеча Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида “Продэкспо — 2018” халқаро ярмаркаси очилди. Катта майдонда ташкил этилган павильонларда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёлар иштирокчиларга намойиш қилинаётир.

Кўргазмада 63 та давлатнинг 2342 та йирик ва номдор компаниялари вакиллари, шунингдек, ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳам “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари билан фаол қаташмоқда.

Ярмаркада ширинлик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Зебинисо Она” ҳамда “Sladuce Produce” корхоналари, шунингдек, қуритилган мева-сабзавотларни ишлаб чиқарувчи “Best Tastes Technology”, “Agroinvest TNA”, “Global Invest Import” каби масъулияти чекланган жамиятлари маҳсулотлари хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мазкур кўргазма ташқи савдо ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада кенгайтириш, ишлаб чиқаришга янги технология ва ускуналарни татбиқ этишда катта майдон вазифасини ўтаяпти.

“Продэкспо — 2018” халқаро ярмарка доирасида 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт шартномаларини имзолаш ҳамда истиқболли келишувларга эришиш кўзда тутилган.

Ярмарка шу йилнинг 9 февралига қадар давом этади.